Шавкат Мирзиёев янги Кўкдала туманида ўтказилган йиғилишда инсонлар фаровонлиги ва эртанги кунга ишонч ўртасидаги боғлиқлик ҳақида гапирди. Ҳокимларга мурожаат қилиб: «Қўлингдан ҳеч нарса келмаса, одамларга ҳеч бўлмаганда 100 та товуқ бер… Олти ой ичида у билан гаплаш. Уларнинг дунёқараши ўзгаради». Шунингдек, у ҳамма ҳам ҳоким бўла олмаслигини, уларни тарбиялаш кераклигини, бу осон эмаслигини таъкидлади.
«Шакар заводларимиз ишлаши учун хомашёни Бразилиядан келтирар эдик. Афсуски, ҳозирги айрим сиёсий вазиятлар туфайли йўллар ёпилиб қолиб, ишлар тўхтади», — дея маълум қилди президент. У нефть маҳсулотлари 50 фоиз, ўсимлик ёғи эса 70 фоизга қимматлашганини қайд этди. Шавкат Мирзиёев нарх ошиши ва инфляциянинг одамлар ҳаётига салбий таъсирининг олдини олиш учун янада кўпроқ ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлади.
Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари мамлакат бўйича 5 мингга яқин бўш бино борлигини аниқлади. Шавкат Мирзиёев бўш бино-иншоотларни сотиш, ижарага беришдан тушган маблағларни ушбу маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантиришга сарфлашни буюрди. «Йил якунига қадар бўш бино қолиши керак эмас», — деди у.
Президент Тўрақўрғон тумани «Шарқ» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси пора олгани учун 5 йилга қамалганини маълум қилди. «Жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари „кредит, субсидия, ер олиб бераман“, деб таъмагирлик қилаётгани ҳам жуда ачинарли ҳолат», — деди Шавкат Мирзиёев. Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари қатъий огоҳлантирилди.
Шавкат Мирзиёев маҳаллада ҳоким ёрдамчилари фаолияти ва аҳоли бандлигини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликларни танқид қилди. Президент Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, унинг биринчи ўринбосари ва солиқ бошлиғини қатъий огоҳлантирди. Олтинкўл тумани ва Зарафшон шаҳри ҳокимлари, қолаверса, республикадан 11 нафар вакил лавозимидан озод қилинди.
Президент қарорига асосан кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ИИВга бириктирилди ва «Нурли маскан» мактаблари деб қайта номланди. Йил якунига қадар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар яшайдиган ҳудудларда овозли светофорлар ва инновацион йўл белгилари ўрнатилади. Қолаверса, мактаблар учун Брайль ёзувидаги дарсликлар чоп этилади, ўзбек нутқи синтезаторига эга махсус компьютер дастурлари яратилади.
Президент Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги «Технопарк» ҳудудида қуриладиган янги аквапарк, Астрономия паркида барпо этиладиган гуллар боғи, давлат музейларини реконструкция қилишга қаратилган лойиҳа ҳамда «Янги Ўзбекистон» университети қурилишига оид тақдимот билан танишди (фото).
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасига тадбиркорлик субъектларининг имтиёзли кредитларини қоплаш учун бюджетдан қўшимча маблағлар ажратилади. Ҳудудлардаги кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун банкларга 300 млн доллар ажратилади. Шавкат Мирзиёев: «Ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм — бюджетданми, банкданми — бу ҳаммаси халқнинг пули», — дея таъкидлади. Шу билан бирга, у банклар энг катта порахўрлик билан шуғулланаётганини қайд этди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга жавоб ташрифи май ойи охирларида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзаков Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашувда олий даражадаги ташрифга тайёргарлик кўриш мақсадида Бишкек шаҳрига келганини маълум қилди.
Президент 1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текширишлар тизими соддалаштирилишини эълон қилди. Унга кўра, айланмаси 1 млрд сўмдан ошган тадбиркорларга ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси автоматик тарзда берилади. Қолаверса, 22 та турдаги текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади.
Бир ҳафта ичида Ўзбекистонда сув танқислиги оқибатларини юмшатиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. 1 октябрга қадар 4,5 минг км суғориш тармоқларини тозалаш ва 231 кмни бетонлаш, 3 мингта гидротехник иншоот ва 490 км насос қувурларини таъмирлаш, 3,5 мингта насос ўрнатиш, 281 та қудуқ қазиш режа қилинган. Президент бунинг учун 300 млрд сўм маблағ ажратилишини маълум қилди.
Президент йил бошидан бери мамлакатга 3 мингга яқин хорижий IT-мутахассис келгани ва уларнинг асосий қисми шу ерда узоқ муддат қолиб ишлашни режалаштираётганини маълум қилди. Хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалий лойиҳалар орқали 1000 нафар ёшларнинг IT-паркларда малакасини оширишга кўрсатма берилди.
Президент Ўзбекистонни минтақавий IT-марказига айлантириш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди. Бунинг учун IT экспортини йил якунигача 100 млн долларга етказиш, яна 6 та ҳудудда IT-паркларни тўлиқ ишга тушириш ва камида 20 тадан компания фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги айтилди. «Ушбу соҳа ривожланмаса, бошқа бирор бир тармоқ олдинга юрмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистонда ташқи омиллар ҳисобига 150 турдаги аҳоли учун зарур дори воситаларида узилиш бўлиши хавфи мавжуд, қалбаки ва контрафакт дорилар сотилишига ҳалигача барҳам берилгани йўқ, амалиётда 15 фоизлик нарх преференцияси ишламайди. Шу ва бошқа 50 га яқин муаммога ечим топилмагани президент иштирокидаги йиғилишда танқид қилинди.
Фарғона водийсида ҳудуддаги учала вилоят учун ягона халқаро аэропорт қурилиши мумкин. Президентга кўрсатилган лойиҳалар тақдимотида бу ҳақда сўз боради.
Жума куни Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Унинг қурилиши қарийб тўрт йилдан бери давом этмоқда, бугунги кунда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Мажмуанинг биринчи қаватида музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш хоналари жойлашган. Бинонинг 65 метр баландликдаги гумбази остига эса Ислом оламининг дурдонаси бўлмиш Усмон мусҳафи қўйилиши режа қилинган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари телефон орқали мулоқот қилди. Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевнинг жавоб ташрифи билан Қирғизистонга бориши стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашини таъкидлади. Бундан ташқари, Ўзбекистонга иккита мактаб қурилиши ва Бобур номидаги Ўш академик театри реконструкцияси учун миннатдорчилик билдирилди.
1 сентябрдан мактаб директорларини сертификатлаш тизими жорий этилади ва шунга кўра улар лавозимга тайинланади. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев «янги ўқув йилига қадар табиий ва аниқ фанларга ихтисослашган 173 та мактаб ташкил этилиши шартлиги ва бунга вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари жавобгар эканлигини» таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланганини эълон қилди. Унга кўра, келгуси 3−4 йилда барча ўқитувчилар янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун ҳар бир вилоят кесимида «тренерлар гуруҳлари» шакллантирилади. Ушбу мақсадлар учун қўшимча 100 млн доллар йўналтирилади.
Президент мактаблардаги таълим сифати ва муаллимлар салоҳияти пастлигини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда мактабнинг энг катта муаммоси ўқитиш методикаси мутлақо эскирганлигида. «Афсуски, мактаб таълими эски қолипдан чиқа олмаяпти», — деди Шавкат Мирзиёев. Қолаверса, январдаги йиғилишда юклатилган топшириқларни бажармаган айрим ҳокимларга охирги марта 3 ой муддат берилди, кейин, жиддий чора кўрилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг